UNICEF ва ОТБ коронавирусга қарши курашда Ўзбекистонга кўмак кўрсатмоқда

UNICEF ва ОТБ вакиллари Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги мулозимларига тиббий анжомлардан иборат ёрдам юкини топширмоқда, Тошкент, 2020 йил 29 июни.

БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда COVID-19 га қарши кураш доирасида 29 июнь куни Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлигига тиббий жиҳозлар тақдим этди.

UNICEF матбуот хизмати маълумотига кўра, ОТБ тиббий жиҳозлар, индивидуал ҳимоя воситалари ва лаборатория анжомларини сотиб олиш учун 1 миллион 560 минг доллар маблағ ажратган.

UNICEF эса грантнинг илк транши ўлароқ COVID-19 ни тест қилишда фойдаланиладиган лаборатория жиҳозларини сотиб олиш ва етказиб бериш ишларини бошқарган. ОТБ грантининг кейинги траншлари COVID-19 юқтириб олган беморлар учун кўчма пульс оксиметрлари ва кислород концентраторлари ҳамда тиббиёт ходимлари учун ҳимоя кийимлари ва ниқобларини сотиб олишга ишлатилади.

Қайд этилишича, сотиб олинган лаборатория анжомлари ва индивидуал ҳимоя воситалари чекка ҳудудлар дохил Ўзбекистоннинг барча минтақаларига тақсимланиши айтилмоқда.