Россия-Қозоғистон чегарасида марказий осиёлик мингдан зиёд муҳожир йиғилиб қолди

Россия-Қозоғистон чегарасида йўл очилишини кутаётган марказий осиёлик муҳожирлар.

Россиянинг Оренбург вилоятидаги Сол-Илецк шаҳри яқинида қирғизистонлик мингдан зиёд, ўзбекистонлик 200 чоғли ва тожикистонлик 30 дан ортиқ меҳнат муҳожири чегара очилишини кутиб турибди. Orenday.ru сайтининг ёзишича, муҳожирлар чегара очилиши билан Қозоғистон орқали ватанларига қайтиш ниятидалар.

Қирғизистонлик Урмат Жамғирчиевга кўра, бундан ҳатто бир ҳафта аввал ҳам бу ердаги муҳожирлар сони 100 нафарга етмасди, аммо сўнгги кунларда Россия-Қозоғистон чегараси олдида мингдан зиёд мигрант йиғилган. Улар орасида аввал “Маштаково” чегара пунктида турганлар ҳам бор.

Қирғизистоннинг Оренбургдаги фахрий консули Таалайбек Жандар уулу транзит йўлак бўйича музокаралар олиб борилаётгани, бироқ бу жараён узоққа чўзилиши мумкинлигини билдирган. Унга кўра, дипломатик процедура камида 20–30 кун вақт олади.

“Вазият шундайлигига қарамай, яхши одамлар барибир бор: булар жамоатчилик ташкилотлари, маҳаллий турғунлар, кўнгиллилар ва хайрия жамғармалари. Ватандошларимиз оч қолишмайди”, деган Таалайбек Жандар уулу.

Нашрнинг ёзишича, чодир шаҳарчасида яшаётган муҳожирлар ичида ҳомиладор аёллар, пенсионерлар ва ёш болалар бор. Айримлар машина ичида ва ҳатто кўприк тагида тунамоқда. Ижтимоий тармоқларда ёйинларган суратларда йўл чети бўйлаб чегара томон кетаётган одамларни кўриш мумкин.

Бу коронавирус эпидемияси туфайли чегаралар ёпилиши ортидан Оренбург вилоятидаги чегара пунктига келган муҳожирларнинг илк гуруҳи эмас. 7 май куни 541 нафар қирғизистонлик бу ердан Қозоғистон орқали юртига олиб кетилган. Яна бир гуруҳ муҳожир бу ердан май ойи ўрталарида олиб кетилган. Ўшанда Оренбургда қирғизистонлик ва ўзбекистонлик 500 чоғли муҳожир йиғилиб қолганди. Улар йўл четидаги чодир шаҳарчасида қарийб икки ҳафта яшагандилар.