Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 70 ёшли аёл Ф. О. оламдан ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига мувофиқ, аввалроқ унинг турмуш ўртоғи - 72 ёшли Қ.Р. ҳам коронавирус юқтириб олгани ортидан вафот этган.
Маълумотларга кўра, Ф. О. 20 июнь куни коронавирусга гумон қилиниб, карантинга олинган. 23 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.
Беморнинг узоқ йиллар давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, бўйин умуртқалари остеохондрози ташхиси билан даволаниб келгани айтилмоқда.
ССВ, мутахассислар муолажаларига қарамай, аёл ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини билдирган.
Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалинган ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 25 нафарга етди.