Собиқ президент Атамбаев устидан чиқарилган ҳукм қоидами ёки ундан истисноми?

23 июнь куни Бишкек шаҳрининг Биринчи Май туман суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни коррупцияда ҳамда ўз президентлиги даврида криминал авторитет Азиз Батукаевнинг 2013 йилда қамоқдан ноқонуний бўшатилишига кўмаклашишда айбдор деб топди ва уни 11 йилу 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Атамбаевнинг бундан ҳам мушкул кунлар кутяпти. Ёши 63 га чиққан президентга яна бир неча айблов, жумладан, хавфсизлик хизмати қўмондонини ўлдириш айблови қўйилган. Қўмондон Атамбаев уч марта терговга келмагани ортидан 2019 йилнинг августида уни мажбурий олиб келиш учун Бишкек яқинидаги уйига милиция бўлинмаси жўнатилганда содир бўлган тўқнашув давомида нобуд бўлган эди.

Президентнинг айбдор деб топилгани ва унга чиқарилган ҳукм Қирғизистонда президентлик келажаги ҳақида савол туғдиради.

Атамбаев Қирғизистоннинг биринчи президенти эмас ва ундан олдин ушбу лавозимда ишлаганларнинг барчаси юридик муаммоларга дучор бўлган.

2005 йилда ҳокимиятдан ағдарилган илк президенти Асқар Ақаев ҳам коррупция ҳамда 2002 йилда Ақси вилоятида содир бўлган намойишнинг полиция томонидан аёвсиз бостирилишидаги роли учун тергов қилинган. Ақаевнинг оила аъзолари ҳам жиноятларда айбдор деб топилди. Ақаевнинг ўзи айбдор деб топилгани йўқ, аммо Қирғизистон хавфсизлик хизмати уни тергов қилиш истагидан воз кечгани йўқ.

2005 йилда Россияга қочган Ақаев ҳануз ўша ерда.

2010 йилда ҳокимиятдан ағдарилган Қурманбек Бакиев эса 2014 йили хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш айбдор деб топилиб, сиртдан 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ўша йили Беларусга қочган иккинчи президент ҳам ватанига ҳали қайтгани йўқ.

Атамбаев Қирғизистонда судланган илк президентидир.

Аммо Атамбаев ҳамда ундан олдинги президентлар ўртасида бошқа фарқлар ҳам мавжуд.

Ақаев ва Бакиев Қирғизистондан қочиб кетишганидан кейин, ўз президентликлари даврида содир этган жиноятлари учун тергов қилинди.

Атамбаев эса Батукаев қамоқ муддатини қисқартиришга кўмаклашгани учун судланди. Ушбу тергов Атамбаев президентлик курсисини тарк этишидан олдин бошланган эди.

Батукаев 2006 йилда қатор жиноятда, жумладан, қирғиз депутатни, унинг икки шеригини ҳамда Ички ишлар вазирлиги расмийсини ўлдиришда айбдор деб топилган. Аммо 2013 йилда у оққон касалига чалингани айтилган ҳужжатлар асосида озодликка чиқарилди.

Батукаев Россияга қочиб кетганидан кейин, у лейкемияга чалингани таъкидланган ҳужжатлар сохта эканлигини аниқланди.

Тергов давомида Атамбаев номи тилга олинган бўлса-да, у 2017 йил президентликни тарк этганида жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида маълумот йўқ эди. Шундай бўлса-да, терговчилар уни гувоҳ ўлароқ сўроқ қилишни исташи аён эди.

Атамбаевнинг юридик муаммолари у бошқарувни қўлдан бой беришни истамаслигини аён бўлиши ортидан юзага келди.

Атамбаев 2017 йилнинг ноябрида президентликни тарк этди. У лавозимини тинч тарк этган Марказий Осиёдаги илк президентдир.

Кўпчилик Атамбаев ўз давомчиси Сооронбай Жээнбеков орқали Қирғизистонни бошқаришда давом этишини тахмин қилди. Аммо Атамбаев оммавий тарзда Жээнбековга маслаҳат бера бошлаши ортидан янги президент Атамбаевнинг қўғирчоғи бўлиб қолишни истамаслиги аён бўлди.

Атамбаев Жээнбековни мунтазам равишда танқид қила бошлади. Хусусан, собиқ президент Жээнбековни Ақаев ва Бакиевга ўхшаб ўз оила аъзоларини юқори лавозимларга тайинлашда айблади. Шунингдек, Атамбаев Жээнбековни ўз давомчиси ўлароқ танлаганига ва яқиндан қўллаганига қарамай, уни лақиллатишда айблади.

Ҳукмронлигининг сўнгги йилларида рақибларини қаматган Атамбаевнинг оммавий чиқишлари унга бўлган салбий муносабатни кучайтирди.

Собиқ президент Ички ишлар вазирлигининг тергов чақириқларига бўйсунмади. 2019 йилнинг июнида Қирғизистон парламенти Атамбаевни дахлсизлигини бекор қилди. Буни тан олмаган Атамбаев 2019 йилнинг июлида Россияга бориб, президент Владимир Путин билан учрашди. Бундан мақсад ўз рақибларини қўрқитиш бўлди.

Путин эса Қирғизистон ичидаги можарога аралашмасликка қарор қилди ва Атамбаев билан бўлиб ўтган учрашуви ортидан Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида бир ўзи сўзлади. Путин Қирғизистонда барқарорликни сақлаш тарафдори эканлигини ҳамда мамлакатнинг янги президенти Жээнбековни қўллашини билдирди.

7 август куни Атамбаевнинг Бишкек яқинидаги Қўйтош қишлоғидаги уйида рейд уюштирилди.

Бир қарашда, Атамбаевнинг қўлга олингани Қирғизистоннинг жорий ва бўлажак президентлари учун ёмон белгидир.

Мамлакатда муваққат президент ўлароқ ишлаган Роза Отунбаевагина лавозимини тарк этганидан кейин судлангани йўқ.

Айримлар Атамбаев суди одил бўлмаганини, кейин судлар ҳам шундай ўтишини айтмоқда.

Қирғизистон расмийлари адолат ўрнатилиши учун курашиши ўта муҳимдир.

Қолаверса, лавозимини тарк этганидан кейин ҳам мамлакатни бошқаришни истаган Атамбаевнинг иши қоидадан истисно бўлиши мумкин.

Бу ҳолатдан давомчи танлашда ўзига ошиқча ишониш ҳамда 6 йиллик президентлик муддати тугаганидан кейин, ҳокимиятга чирмашиб олиш оқибатлари ҳақида ибрат олиш мумкин.