Ички ишлар вазирлиги 30 июнь куни ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган амалиётда Тошкент шаҳрида “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг яна 11 аъзоси қўлга олинганини маълум қилди.
Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот сифатида тан олинган ва унинг фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган эди.
Хабарда айтилишича, тезкор амалиёт доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларидаги 8 та манзилда тинтув ўтказилиб, 11 шахс “ички ишлар идораларига келтирилди”.
Ички ишлар вазирлиги 23 июнда ҳам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га алоқадор бўлган гуруҳ аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.
Ўшанда Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Сирғали ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 25 та манзилда тинтув ўтказилиб, 25 нафар шахс қўлга олингани билдирилганди.