Шу йил 30 май куни Андижонда содир бўлган ҳодиса Ички ишлар вазирлигининг камчиликлари тўғрисида эслатиб туради. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов мазкур воқеага бағишланиб 1 июль куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган брифингда билдирган.
Брифингда ИИВдан ташқари Олий суд, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази вакиллари иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, 30 май куни Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли Алижон Абдукаримов 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмганди. Ҳодиса ортидан ИИБнинг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олинган.
Шоҳруҳ Ғиёсов бугунги брифингда мазкур воқеада айбдор топилганлар жазосиз қолмаслигини урғулаган.
“Андижонда бўлган ҳолат юзасидан ҳар бир айбдор жавобгарликка тортилади ва тизимимизни шаффофлаштирамиз. Ҳолат юзасидан барчадан узр сўраймиз”, деган ИИВ масъули.
Брифингда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Андижондаги ҳодиса юзасидан ИИБнинг яна икки ходими ҳам ҳибсга олинганини билдирган. Шу тариқа “қийноқ иши” бўйича қўлга олинган ИИБ вакиллари сони 5 нафарга етган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнда ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Андижон ва Чироқчида фуқаролар ички ишлар идораларидаги қийноқлар ортидан вафот этганини кескин танқид қилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.