ИИВ Навоийда яна бир маҳкум қийноқлардан ўлганини рад этди

Ички ишлар органлари ходимлари.

Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда Навоийдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган 45 яшар маҳкум Фаррух Хидиров қийноқлар оқибатида ўлгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода акс этган мурда 1975 йилда туғилган фуқаро Хидиров Фаррух Анварович.

Янгийўл шаҳрида туғилган муқаддам 4 маротаба судланган Фаррух Хидиров 2010 йилнинг 18 октябрида Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига кўра ўта хавфли рецидивист сифатида 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Вазирлик маҳкум 27 июнь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасаси (Сангород)да вафот этганини таъкидлаган. Врачлар унга “Ўпка сили IV клиник босқичи (лимфа тугунлари тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологияли узоқ давом этувчи иситма, тана вазни келганга нисбатан 10%дан ортиқ камайиши, диарея” ташхисини қўйган.

“Видео тасвирда кўринаётган қизаришлар бу мурда доғи бўлиб, тан-жароҳатларига алоқаси йўқ”, -дейилади вазирлик баёнотида.

Озодлик радиоси 13 июнь куни шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли Алижон Абдукаримов 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани тўғрисидаги маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Мазкур воқеа Ўзбекистон жамиятида катта шов-шувга сабаб бўлди ва шу кунларда ҳам муҳокама этилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Андижондаги ҳолат юзасидан уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва улар ҳибсга олинганини, беш киши лавозимидан бўшатилганини ва 19 кишига интизомий жазо қўлланилганини билдирган.