АҚШда Хитойда ишлаб чиқарилган "одам сочидан қилинган маҳсулот" ушлаб қолинди

Шинжон-Уйғур мухториятидаги сиёсий лагерлардан бири.

АҚШ Божхона хизмати одам сочларидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар партиясини ушлаб қолди. Бу маҳсулот Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар сақланаётган сиёсий лагерларда ишлаб чиқарилгани тахмин қилинмоқда.

АҚШ Чегара-божхона хизмати вице-комиссари Бренд Смит “мазкур товар инсон ҳуқуқларининг ўта қўпол тарзда бузилишини англатади”, деб билдирди.

Умумий қиймати 800 минг доллар бўлган маҳсулот Lop County Meixin ширкатига тегишли бўлган. АҚШ ҳукумати маҳсулотни мусодара қилишга буйруқ берди. Расмийларнинг билдиришича, бу маҳсулот маҳбусларнинг, жумладан, болаларнинг мажбурий меҳнати билан ишлаб чиқарилган.

Lop County Meixin Шинжон-Уйғур мухториятида одам сочларидан ва мажбурий меҳнат асосида маҳсулот ишлаб чиқаргани учун АҚШда қора рўйхатга киритилган учинчи ширкатдир.

Халқаро ҳамжамият 2017 йилдан бери Хитойни Шинжондаги мусулмон миллатларни “террорчилик ва экстремистликка қарши кураш” баҳонаси билан сиёсий лагерларда сақлаб келаётганини танқид қилади.