Томорқа ер эгаларига тижорат банклари уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда 2 миллион сўмгача кредит беради. Бу борада президентнинг “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга асосан, микрокредитларни Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз Online тарзда бериш механизми жорий этилади.
Бундан ташқари Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 7,5 фоизли пунктигача қоплаб бериш тизими амалга киритилади.
Президент қарорида аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун «Томорқа хизмати» МЧЖларга иссиқхона, совиткичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратиш ҳам назарда тутилган.