Тошкентда келаси ҳафта "Korean&Migrations" хусусий бандлик агентлиги устидан маҳкама жараёни бошланиши кутилар экан шу агентликнинг Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ҳақидаги ваъдаларига ишониб, миллионлаб сўм тўлаб қўйган, лекин хорижга ишга кетолмаган элликка яқин ўзбекистонлик 1-2 июль кунлари Тошкентнинг Мустақиллик майдонида тўпланди.
Улар Ўзбекистон президенти қабулхонаси ва Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилганлар, аммо расмийлар уларни "эшитишни ҳам хоҳламаган".
Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган арзчилар Озодлик билан суҳбатда хусусий бандлик агентлиги устидан жиноят иши очилиб, иш судга оширилган бўлса-да маблағлари шу вақтгача қайтарилмаётганидан норози эканликларини айтишди.
Фуқароларнинг даъвосига кўра, "Korean&Migrations" хусусий бандлик агентлиги хорижга ишга юбориш ваъдаси билан уларнинг ҳар биридан 32 миллион 400 минг сўмга қадар ҳақ олган, аммо шартномада кўрсатилган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким ишга юборилмаган.
Ўтган йил кузида лицензияси бекор қилинган "Korean&Migrations" хусусий бандлик агентлигининг таъсисчилари ва раҳбарлари айни пайтда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича гумонланиб, ҳибсга олинган.
Агентлик устидан маҳкама 6 июль куни Тошкентнинг Яккасарой тумани судида бошланиши кутиляпти.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тошкентнинг Мустақиллик майдонига йиғилган эллик кишидан бири, Самарқанднинг Ургут туманидан бўлган Нодир Жўраевнинг Озодликка айтишича, хусусий бандлик агентлиги билан юзага чиққан ихтилоф юзасидан уларнинг дардини президент қабулхонасидагилар ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги расмийлари эшитгиси келмаган.
"Биз "Korean&Migrations" агентлигига Меҳнат вазирлиги лицензия бергани учун ишонгандик. Лицензияси бор, ҳар ҳолда алдамас, деб ҳар биримиз 32 миллион 400 минг сўм, ўша пайтда бу 3 ярим минг АҚШ долларига тўғри келган, шу пулни тўлаганмиз. Қарз олганлар бор. Квитанциялари сақланиб турибди. Энди вазирлик ходимлари биз бу ишга аралашолмаймиз, деяпти. Аралашолмаса нега лицензия берган, нега уни ишини назорат қилиб бормаган? , - дейди Жўраев.
Озодлик билан суҳбатда бўлган фуқаролар ўларнинг истаги пулларини қайтариб олиш эканини айтишади.
- Уларни қамайдими, қамамайдими, бизни ишимиз йўқ. Пулимизни қайтариб берса бу ташкилотга даъвомиз йўқ, - дейди Мустақиллик майдонига тўпланган наманганлик аёл.
Мижозларнинг Кореяга ишга кетиш учун хусусий агентликка тўлаб қўйган пулларини энди ким қайтаради?
Озодлик бу савол билан Ўзбекистон Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлигига боғланди.
Исми очиқланмаслигини истаган вазирлик расмийси "Korean&Migrations" лицензияси ўтган йил октябрь ойида тугатилгани, унинг фаолиятини Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти тергов қилаётганини айтди.
- Биз тергов ишига аралашолмаймиз, - деб гапни қисқа қилди Ўзбекистон Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги расмийси.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига эса боғланиб бўлмади.
“Korean & migration” хусусий бандлик агентлигининг 11 нафар ходимига нисбатан очиқ суд жараёни бошлангани ҳақида Ўзбекистон Олий суди 2 июль куни хабар берди.
Хабарда айтилишича, дастлабки маҳкама мажлиси Тошкентнинг Яккасарой тумани судида 6 июль куни бўлади.
25 миллиард сўмни ким қайтаради?
"Korean&Migrations" ҳусусий бандлик агентлиги иши бўйича тергов ҳужжатлари билан танишиб чиққан Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, агентликдан зарар кўрганлар 2 400га яқин одамни ташкил этади, жабрланувчилар кўрган умумий зарар миқдори эса 25 миллиард сўм атрофидадир.
-Ҳозир бу иш бўйича тергов тугаб, Яккасарой тумани судида кўриляпти. 2400га яқин одамдан бандлик агентлиги 25 миллиард сўмга яқин пул олган, лекин улар ишга ҳам юборилмаган, пуллар қайтарилмаган. Ширкат раҳбарларидан бири Жанубий Корея фуқароси, пуллар четга чиқариб юборилган, деган тахмин бор. Агар четга чиқариб юборилгани тасдиқланса, уларни қайтариш анча йилга чўзилиши мумкин", - дейди Ташанов.
"Korean & Migration" Ўзбекистонда норозиликка сабаб бўлаётган ягона хусусий ташкилот эмас.
Бундан Германия, Чехия, Туркия каби мамлакатларга ишга юбориш ваъдаси билан фуқаролардан бир неча ўн миллион сўмдан олган Human, International Job Organization, Trust Vision каби хусусий бандлик агентликлари жанжал марказида қолган эди.
"Ишсизлик сабаб одамлар осонгина алданиб қоляпти"
"Эзгулик" ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, сўнгги икки йил ичида унинг ташкилотига фирбгарларнинг четга кетиш ваъдасига алданган юзлаб фуқаролардан аризалар тушган.
- Сўнгги икки йил ичида ўнлаб хусусий бандлик агентликлари очилди. Фирибгарлик ошди. Буни сабаби биринчидан ишсизлик. Одамлар осонгина алданиб қоляпти, фирибгарлар уларнинг вазиятидан осонгина фойдаланиб, бойиб қолишяпти. Иккинчидан Жиноят кодексида фирибгарлик учун, 168-моддада 3 йилгача қамоқ белгиланган. Баъзи ҳолларда амнистияга тушиб қамоқдан чиқишяпти. Бу жуда енгил жазо. Ҳозир биз фирибгарлик учун жазо кучайтирилишини талаб қиляпмиз, - дейди Ташанов.
Ўзбекистон Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги сўнгги икки йил ичида олтмишга яқин хусусий бандлик агентлигига лицензия берган.
2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.