Ўзбекистондаги SamAuto заводида ISUZU D-Max пикапи негизидаги тез тиббий ёрдам машиналари ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АЖ Телеграмдаги ўз расмий канали орқали маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, мазкур автомобиль “юқори ўтувчанликка, маневрликка эга ҳамда ишончлилиги ва тежамкорлиги билан ажралиб туради”.
“Ўзавтосаноат” янги автомобиль тиббиётнинг айнан зарур бўлган йўналишига қараб, талаб ва кўрсатмаларга мувофиқ қўшимча ускуналар билан жиҳозланиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида “тез тиббий ёрдам” хизматлари Андижонда ишлаб чиқарилган ва салони анча тор бўлган Damas машиналаридан фойдаланиб келади. Ўтган йили мамлакат ҳукумати пойтахт Тошкентда тез тиббий ёрдам хизматидаги Damas машиналарини тўлалигича замонавий Ford машиналарига алмаштириш ҳақида қарор қабул қилганди.