Коронавирус пандемияси туфайли бир неча ойдан бери ёпиқ турган Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида аксариятини тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ташкил этган мингдан зиёд одам йиғилиб қолди. Улар Туркистон вилоятининг Сариағаш туманидаги “Жибек Жўли” назорат-ўтказиш маскани яқинидаги автовокзал ҳудудида тўпланиб турибди.
Улардан айримлари Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига бу ерга келганларига бир ҳафтадан ошганини билдирганлар. “Кундузлари бу ерда қуёш куйдиради, тунлари эса совуқ. Ерларда ётишга мажбур бўляпмиз, одам кўп, жой йўқ, егулик олиб ейишга пулимиз ҳам йўқ”, дейишган улар.
Автовокзалда юрганларнинг кўпчилигини эркаклар ташкил этади, улар орасида ёшлар ҳам, қариялар ҳам бор. Улар Қозоғистонда мардикорлик билан шуғулланиб юрганлари, бироқ карантин туфайли ишсиз қолганлари ва эндиликда туғилган юртларига қайтишга ҳаракат қилаётганларини айтганлар.
Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири автовокзал ҳудудидаги одамлар кун бўйи олов пуркаётган қуёшдан қочиб, ўзларига салқин жой топишга уринаётганларига гувоҳ бўлган. У бу ердаги эркаклардан бири ҳолдан тойиб йиқилгани, унга ёнида турган кишилар ёрдам беришга ҳаракат қилганларини кўрган.
Бу ерда тартиб-интизомни таъминлаш учун қозоқ полициясининг ўндан зиёд ходими жалб этилган. Автовокзалнинг бир томонига бир неча катта чодир тикилган. Уларга Тожикистон ватандошлари жойлаштирилган.
Воқеа жойида бўлган Тожикистон элчихонаси ходими бу борада изоҳ беришдан бош тортган. Ўзбекистон элчихонаси ходими Бахтиёр Камолов эса одамларнинг йиғилиб қолишини чегаранинг нариги томонида аввал ўтказиб юборилган одамларни ҳали карантин ҳудудидан чиқаришга улгурмаганлари билан изоҳлаган. Унга кўра, ҳозирда “Жибек Жўли” масканида қарийб 1,5 минг нафар ўзбекистонлик чегарадан ўтишга рухсат кутиб турибди.
Қозоғистон чегара хизматининг ўз номини айтишни истамаган ходими Озодлик мухбирига чегарадан ўтказилажак одам сонини Ўзбекистон белгилашини билдирган. “Кунига 300, баъзан эса 500 нафар одам ўтказяпмиз. Бугун эрталаб 300 га яқин одам ўтди”, деди у.
Ўзбекистон ўз чегараларини коронавирус пандемияси туфайли март ойи охирида ёпган. Шу важдан у аввал ҳам қўшни мамлакат ватандошларининг ўз ҳудуди орқали ўтиб кетишига рухсат берган эмас. Натижада юзлаб тожикистонлик Ўзбекистон орқали ватанига ўтиб кетиш илинжида бир неча ҳафта чегара яқинида туриб қолган. Улар автовокзал ҳудудини июнь ойи бошларида тарк этишга муваффақ бўлганлар.
Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) 19 июнь куни 635 нафар тожикистонлик 14 та автобусда “Жибек Жўли” назорат-ўтказиш масканини тарк этганини маълум қилганди. ХМТ маълумотига кўра, йўловчиларнинг қарийб 15 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлган. Мазкур сафарни ХМТ Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари билан келишган ҳолда уюштирган.