Туркия суди 2018 йил октябрида саудиялик журналист Жамол Хашоггининг ўлдириб кетилганига оид жиноят ишини кўриб чиқа бошлади.
Хашоггининг ўлими юзасидан 20 нафар саудияликка айблов билдирилган. Улар сиртдан судланмоқда.
Саудия Арабистони расмийларини танқид қилиб келгани билан танилган журналист Жамол Хашогги ўз мамлакатининг Истанбулдаги консулхонасида ўлдирилган. Ар-Риёд журналистнинг қўполлик билан юритилган махсус амалиёт чоғида ўлдирилгани ва мамлакат раҳбарияти бу ўлимга санкция бермаганини иддао қилмоқда.
Туркияда судланаётганлар орасида Саудия разведкаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Аҳмад ал-Асирий ва қирол оиласининг собиқ маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтонийлар ҳам бор. Улар одамларни қасдан қотилликка рағбатлантирганликда айбланмоқдалар.
Тергов маълумотларига кўра, журналистнинг мурдаси парчаланиб, консуллик биносидан олиб чиқиб кетилган. Жасад парчалари ҳали ҳам топилган эмас.
Ўтган йил декабрида Саудия суди Хашогги ўлимида айбланган беш кишини ўлимга ҳукм этган, айбланувчилардан яна уч нафарига қамоқ жазоси берилган. Маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган.
Ўтган йил апрелида АҚШ Давлат департаменти ал-Қаҳтоний дохил 16 нафар саудияликни Қўшма Штатларга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритган. АҚШ разведкаси вакиллари сўнгги пайтларда Қўшма Штатларда яшаб, Washington Post газетаси билан ҳамкорлик қилиб келган Жамол Хашогги ўлими ортида шахсан шаҳзода Салмон турган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирганлар.