Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 3 июль куни Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида тўпланиб қолган 776 тожикистонлик автомашиналарда ўз уйларига олиб келинди.
Бундан ташқари Ўзбекистондан 140 нафар Тожикистон фуқароси олиб чиқилди.
Хабарда айтилишича, бу иш Халқаро миграция агентлиги, ЮНИСЕФ ва Норвегиянинг молиявий қўллови остида амалга оширилди.
Маълум қилинишича, 3 июль ҳолатига кўра, Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 2 мингга яқин фуқароси тўпланиб қолган.
Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктида чегаралар ёпиқлиги сабабли уйига қайтаётган юзлаб тожикистонлик тўпланиб қолгани ҳақида Озодлик радиоси тожик хизмати- Радио Озоди хабар берган эди.
Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси 1 июль куни “асосан кексалар ва болалардан иборат тахминан юзга яқин” тожикистонлик уйига жўнатилганини билдирган. Бунга қадар улар бир неча ҳафта чегара -ўтказиш пункти яқинидаги автовокзалда яшашга мажбур бўлишган.