Ўзбекистон элчихонаси муҳожирларни "ёлғон гапларга ишонмаслик"ка чақирди

Россия-Қозоғистон чегарасида йўл очилишини кутаётган марказий осиёлик муҳожирлар.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси уйига қайтиш илинжида бўлган меҳнат муҳожирларини Россия—Қозоғистон чегарасидан муайян ҳақ эвазига ўтказиб қўйишни таклиф қилаётганларга ишонмасликка чақирди.

Элчихонанинг билдиришича, “йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар Россия—Қозоғистон чегарасига одамларни етказиб қўйиш ва чегарани кесиб ўтишда “ёрдам бериш”ни ваъда қилиб, турли эълонлар тарқатмоқда”.

Элчихона бу ёлғон эканини, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонда карантин чоралари, жумладан, мамлакатларга кириш бўйича чекловлар ўз кучида қолаётганини таъкидлади.

“Афсуски, шу кунларда Самара вилоятидаги Большая Черниговка қишлоғи, Оренбург вилоятидаги Бузулук тумани ва Соль-Илецк шаҳрида Ўзбекистон фуқароларининг яна тўпланиши кузатилмоқда. Уларнинг кўпчилиги ёлғон хабарларга ишониб Россиянинг турли ҳудудларидан келган ва Қозоғистон орқали ватанимизга қайтиш истагини билдирмоқда”, -дейилади хабарда.

Элчихона муҳожирларни бир ерга тўпланиш коронавирусга чалиниш эҳтимолини кучайтириши тўғрисида огоҳлантирди.