АҚШ ўқиши онлайн тартибга ўтказилган хорижлик талабаларга виза бермайди

АҚШдаги Ҳарвард университети талабалари (иллюстратив сурат).

АҚШ куздан машғулотлари онлайн тартибга ўтказиладиган хорижлик талабаларга виза бермайди. Бу кўрсатма мамлакат миграция расмийлари томонидан 6 июль куни очиқланди.

Мазкур қарор АҚШда ўқийдиган юз минглаб талабаларга дахлдордир. Расмий баёнотда бу талабалар АҚШ ҳудудига қўйилмаслиги ҳам айтилган.

Баёнотда қайд этилишича, ҳозирда АҚШда юрган ва бу каби дастурлар бўйича таълим олаётган талабалар мамлакатни тарк этишлари ёки ўқишини дарсга шахсан қатнашиши лозим бўлган таълим муассасаларига кўчиришлари керак. Акс ҳолда, уларга иммиграцион чоралар хавф солиши мумкин.

Инструкциялар F-1 ва M-1 визаларини олган шахсларга тегишли бўлиб, бу визалар академик ёки касбий таълим олиш учун берилади. 2018-2019 ўқув йилида тақрибан 389 мингта F-1 визаси ва 9,5 мингдан зиёд M-1 визаси берилган. АҚШда жами 1,1 миллион чоғли хорижлик талаба таҳсил олади.

Мазкур баёнот ўқув муассасалари учун кутилмаган бўлди. Мамлакатдаги 1700 га яқин таълим муассасаларини бирлаштирган АҚШ таълим кенгаши янги инструкцияларни “даҳшатга солувчи” деб атади.

Ташкилот вакилларига кўра, бу инструкциялар фойдадан кўра кўпроқ зиён келтиради.

АҚШдаги коллеж ва университетларнинг кўпи ҳали кузга оид режаларини очиқлаганича йўқ. Улардан айримлари ўқишни тўлалигича онлайн тартибга кўчирмоқчи, бошқалари эса онлайн ва аудитория машғулотларини бирга олиб боришни кўзда тутган гибрид моделларни кўриб чиқмоқда.

6 июль куни Ҳарвард университети ўз режаларини эълон қилди. Унга мувофиқ, университет ҳудудида биринчи курс талабалари дохил 40 фоизгача талаба бўлиши мумкин, бироқ машғулотларнинг барчаси онлайн тарзда ўтилади.