Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 бўйича миссияси 6 июль куни Туркманистонга йўл олган. Бу ҳақда ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Туркманистонда бўладиган 10 кун давомида ЖССТ вакиллари соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори лавозимли амалдорлар ва экспертлар билан учрашиб, COVID-19 муаммосини ҳал қилиш учун зарур бўлган жавоб механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда хатарларни баҳолаш бўйича улар билан бирга ишлайди.
ЖССТ экспертлари республика, вилоят ва шаҳар миқёсидаги шифохоналар, соғлиқни сақлаш марказлари, лабораториялар ва бошқа муассасаларга ташриф буюрадилар.
Туркманистон ўз ҳудудида COVID-19 инфекцияси йўқлигини иддао қилаётган жаҳондаги оз сонли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда. Раҳбариятнинг коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаганига оид баёнотлари қабатида мамлакатда ўткир пневмония кенг қулоч ёйиб бораётгани кузатилмоқда.
Туркманистонга ЖССТнинг COVID-19 бўйича миссияси апрель ойи охирида келиши кутилаётганди. Ташкилотнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари ташриф 23 апрелга белгиланганини маълум қилган, бироқ сафар амалга ошмай қолган. ЖССТ вакиллари ўшандан бери мамлакатга сафар қилиш имкониятига эга бўлиш мақсадида Туркманистон ҳукумати билан музокаралар олиб борган. Ўтган икки ой мобайнида томонлар ташриф логистикаси билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирганлар.
Халқаро экспертлар ташрифи яқинлашгани сайин Туркманистонда профилактик тадбирлар ва дезинфекция чоралари кучайтирилган. Аҳолига уюшган ҳолда вирусга қарши ҳапдорилар тарқатилган. Тиббиёт муассасалари ходимлари зиммасига ниқоб ва қўлқоп тақиш, юқумли касалликлар бўлимларида эса ҳимоя костюмлари кийиб юриш мажбурияти юклатилган.
ЖССТ экспертларининг узоқ кутилган бу сафари Туркманистондаги ҳақиқий аҳволга аниқлик киритишига умид қилинмоқда.