Маҳаллий матбуот Тошкентда "11 террорчи қўлга олингани" ҳақида хабар тарқатди

Ички ишлар вазирлиги 23 июнда ҳам "Тавҳид ва жиҳод катибаси” аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Маҳаллий матбуот 7 июль куни ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” нинг 11 нафар тарафдоридан иборат яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйгани ҳақида билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” фаолиятини тақиқлаган эди.

Хабарда айтилишича, гуруҳни ташкил этган шахс “диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш, ҳозирда Сурия ва Туркия давлатларида қўним топган, асли қирғизистонлик лақаби “Абу Салоҳ” бўлган Сирожиддин Мухторов, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари бўлган “Абдуллоҳ Зуфар” лақабли Зофир Ғаффоров ва “Содиқ Самарқандий” лақабли Содиқ Муҳаммадиевларнинг даъватларини тинглаб, уларнинг таъсирига тушиб қолган”.

“Сўнгра у ўз атрофидаги инсонларни ҳам бу йўлга тарғиб қила бошлаган. Жорий йилнинг март ойига келиб, у “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти сафига қўшилиш учун Сурия давлатига чиқиб кетишни режа қилган ва бунинг учун ўзига хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб олган”,-дейилади хабарда.

Маҳаллий матбуот тарқатган хабарларда гуруҳ аъзолари қачон ва қандай вазиятда қўлга олингани хабар қилинмаган.

Озодлик радиоси 30 июнь куни ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган амалиётда Тошкент шаҳрида “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг 11 аъзоси қўлга олинганини хабар қилган эди.

Озодлик радиоси 24 июль куни Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Сирғали ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 25 та манзилда тинтув ўтказилиб, 25 нафар шахс қўлга олинганини ҳам билдирганди.