Навоий вилояти ҳокими вилоятда коронавирусдан илк бемор вафот этганини билдирди

Вилоят ҳокими Қобул Турсунов аҳоли билан учрашмоқда.

Навоий вилоят ҳокими Қобил Турсунов 7 июль куни вилоят аҳолисига қилган мурожаатида коронавирусга чалинган бир киши вафот этганини билдирди.

“Энг аянчлиси шундаки, куни кеча вилоятимизда олиб борилаётган даволаш-профилактика тадбирлари, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, илк бор ўлим ҳолати қайд этилди”, -деди вилоят ҳокими.

Бироқ Турсуновнинг бу баёнотини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча тасдиқламади. Ҳоким бемор қачон ўлганини, унинг ёши ва жинсига оид маълумотларни очиқламади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги банк бошқарувчиларидан бирининг ўринбосари Х.Ш., коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Навоий вилоятида 295 киши коронавирусга чалинган, улардан 252 нафари соғайган.