Мактабларда “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ҳамда “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фани жорий этилади.
Адлия вазирлигининг билдиришича, бу борада ҳукуматнинг “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан “Тарбия” фани 1–9-синфларда – 2020/2021 ўқув йилидан, 10–11-синфларда эса 2021/2022 ўқув йилидан босқичма-босқич амалиётга киритилади. “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар янги ўқув йили бошлангунга қадар чоп этилиб, жойларга етказилади.
“2020 йил июль ойидан бошлаб янги ўқув йили бошлангунга қадар умумтаълим мактабларидаги “Бошланғич таълим”, “Миллий ғоя ва ҳуқуқ”, “Тарих” ва “Диншунослик” мутахассислигига эга фан ўқитувчилари учун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида “Тарбия” фанидан онлайн шаклда мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади”, -дейилади хабарда.
Қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун “Тарбия” фани концепцияси тасдиқланди.