Ҳ.Оқилов: Коронавирусга чалинганлар сони 2-3 баравар кўп бўлиши мумкин

Ўзбекистонда ҳали таҳлилга етиб бормаган, симптомсиз юрган касаллар сони 2-3 баравар кўп бўлиши мумкин. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов 8 июль куни коронавирусга қарши кураш бўйича махсус комиссия қарори юзасидан Тошкентда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Аввал ПЗР таҳлил ўтказишда муаммо йўқ эди. Ҳозир кунига 20-22 мингта таҳлил ўтказилгандаям талаб даражасига етказиб беролмаяпмиз. Аввал 5-6 соатда жавоби чиққан бўлса, ҳозир йиғилиб қолган таҳлил намуналари натижасида жавобларни олишга 2-3 кун, 1 ҳафтагача вақт кетяпти. Бу вақт ичида бемор халқни ичида юриб, касалланиш кўпайишига сабаб бўляпти”, деди Ҳабибулла Оқилов.

Коронавирусга қарши кураш штаби вакили брифинг чоғида журналистлар саволига жавоб бераркан, ўз хавотирларини ҳам изҳор қилди.

Биз шу кунгача мана шу аҳволда ушлаб турдик, лекин ҳозир эплолмаяпмиз, кучимиз тугади. Ҳолат шунақаки, агар ҳозир тез кунда чоралар кўрмасак, эртага бошқариб бўлмайдиган коллапсга келиб қоламиз, ана унда биз ҳам, халқимиз ҳам жуда тушкунликка тушиб қолади. Шунинг олдини олиш учун айтяпмиз. Агар ҳозир шуни қилиб олмасак, эртага 400 бўлади, индинга 500 бўлади. Кунига мингтадан қўшилганда, соғлиқни сақлаш тизимимиз ўлади”, деди Ҳ. Оқилов.

Республика махсус комиссияси жорий йил 10 июлидан 1 августигача Ўзбекистонда карантин чекловларини қайта жорий этишга қарор қилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Чоршанба куни ўтказилган брифингда иштирок этган ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Ўзбекистонда 10 июлдан бошлаб барча ҳудудлар “қизил ҳудуд”га айлантирилишини қайд этди. Унга кўра, эндиликда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ишловчиларнинг кириб-чиқишига ҳам рухсат берилмайди.