Коронавирус пандемияси ОИТВ/ОИТСга чалинган беморларни даволашни издан чиқармоқда ҳамда касалликка қарши курашда узоқ йиллар мобайнида эришилган ютуқларга таҳдид солмоқда. Бу ҳақда БМТ баёнот берди. Ташкилот кейинги йилларда вирусга чалиниш кескин ошиб кетган Шарқий Европада ҳамда Марказий Осиёда аҳвол айниқса оғир эканлигидан огоҳлантирди.
БМТ қошидаги UNAIDS – ОИТВ ҳамда ОИТС қўшма дастури 6 июль куни эълон қилган ҳисоботда эътироф этилишича, коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий қилинган чекловлар аёлларнинг керакли маълумот олиш ҳамда жинсий зўравонликдан ўзини ҳимоя қилиш имкониятини чеклаб, ярим миллион одам умрига зомин бўлиши мумкин.
Аҳвол Шарқий Европа ва Марказий Осиёда айниқса оғирдир. Минтақада 2010 йилдан бери вирусга чалиниш ҳолатлари 72 фоизга ошган.
Ҳисоботда ҳукуматлар бор эътиборини пандемияга қарши курашишга қаратар экан, аҳолини ОИТВ дан ҳимоя қилишга қаратилган ресурслар тобора озайиб бораётгани қайд этилди.
«2030 йилга қадар ОИТСни оммавий соғлиққа таҳдид солувчи касалликлар қаторидан чиқариш жараёни COVID-19 тарқалишидан олдин ҳам издан чиққан эди. Эндиликда коронавирус бўҳрони кўзлаган мақсадимизга эришишни янада мушкуллаштириши мумкин», дейилади ҳисоботда.
ОИТВ юқтирган беморларни даволаш олти ойга издан чиқса, Саҳрои Кабир жанубидаги Африка мамлакатларида қўшимча 500 минг одам касаллик туфайли нобуд бўлиши мумкин. Бу эса минтақани 2008 йилги аҳволга қайтаради.
Ҳисоботда Шарқий Европа ва Марказий Осиё ОИТВ эпидемияси кучайиб бораётган уч минтақанинг бири эканлиги эътироф этилди. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда юқтириш/тарқалиш коэффициенти 10,1 га тенг бўлиб, бу 2019 йилда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.
«ОИТВ тарқалиши олдини олиш хизматлари кўламини зудлик билан ошириш керак, айниқса Россия Федерациясида. ОИТВ тестини ўтказиш билан даволашни бошлаш ўртасида йирик масофа бор», дейилди ҳисоботда.
Ҳисоботга кўра, антиретровирус терапияси туфайли миллионлаб одам умри сақлаб қолинди. Бундай терапия организмда ОИТВ янада кенг тарқалишига тўсқинлик қилиб, ОИТВ инфекцияси давридан бевосита ОИТС даврига ўтишни секинлатади.
Шунга қарамасдан, ўтган йилда 960 минг киши ОИТС туфайли нобуд бўлди. Айни дамда вирусни юқтирган 38 миллион кишининг 12,6 миллиони ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун даволаниш имкониятига эга эмас.
UNAIDS ҳисоботида вирусни юқтирганлар сони 1,7 миллионга ошгани янги инфекциялар олдини олиш учун ҳали кўп чора кўриш лозимлигини кўрсатиши айтилди.
Яқин Шарқ, Шимолий Африка ҳамда Лотин Америкада янги инфекциялар сони 20 фоизга кўтарилган.
Ўтган йилда ОИТВ/ОИТСга қарши курашга ажратиладиган маблағ 2017 йилга солиштирганда 7 фоизга қисқарган. UNAIDS ҳисобларига кўра, 2020 йилда касалликка қарши самарали курашиш учун 26,2 миллиард доллар сарфланиши керак.