Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси шу йил кузда бўлиб ўтиши керак бўлган парламент сайловида иштирок этишни истаган партиялардан ҳужжат қабул қилишни якунлади.
МСК раис ўринбосари Абдижапар Бекматовнинг Озодлик қирғиз хизматига маълум қилишича, 8 июль оқшомига бориб 42 партия комиссияга билдирув хати йўллаган.
“Аввалроқ биз 21 партия вакилларини рўйхатга олган эдик. Бошқа партияларнинг ҳужжатлари ҳали ҳам ўрганиляпти”, деган Бекматов.
Жорий йил 20 августигача сиёсий бирлашмалар қурултойлар ўтказиб, номзодлар рўйхатини шакллантиришлари керак бўлади. Коронавирус пандемияси туфайли тадбирларни онлайн шаклда ўтказишга рухсат берилган.
Қирғизистон президентининг фармони билан галдаги парламент сайлови 2020 йил 4 октябрига белгиланган.
2010 йилги парламент сайловида 29 та, 2015 йилги сайловда эса 14 та сиёсий партия иштирок этган.