ТИВ: Қозоғистон билан чегарада уч минг ўзбекистонлик тўпланиб қолди

Оренбург областининг Қозоғистон билан чегараолди ҳудудидаги Бузулук районида 1 июль куни йўлни тўсишга уринган муҳожирларни полиция тўхтатмоқда, сурат воқеа жойидан муҳожирлар юборган видеодан олинди .

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, ҳозирги кунда ‘Жибек жоли’—‘Ғишт кўприк’ назорат-ўтказиш пункти яқинида 3000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг тўпланиши кузатилмоқда”, - деб хабар берди.

Билдирилишича, Олмаотадаги Бош консулхона ходимлари назорат-ўтказиш пунктида фуқаролар билан доимий алоқа ўрнатган. Консулхона диаспора вакиллари билан биргаликда иссиқ овқат ташкил қилмоқда, вазият умумий назоратга олинган.

“1 июлдан буён 2700 дан ортиқ ўзбекистонлик, асосан касаллар, қариялар, ҳомиладор ва ёш болали аёллар Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишди”,-дейилади хабарда.

Вазирлик техник сабаблар билан сўнгги кунларда фуқароларнинг давлатлараро чегарадан ўтиши чекланган миқдорда амалга оширилганини таъкидлаган.

“Жибек жоли ўтказиш пункти орқали фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудига чекланган ҳолда кириши билан боғлиқ барча муаммолар тез муддатда ҳал қилинади”, — дейилади хабарда.

Озодлик радиоси 7 июлда Россия-Қозоғистон чегарасида икки ҳафтадан бери очиқ осмон остида тунаётган ўзбекистонлик муҳожирлар егулик ва сувсиз қолганини айтишаётгани ҳақида ҳам хабар берган эди.