Қирғизистонда соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосари пневмонияга чалинди

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Сабиржан Абдикаримов.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Сабиржан Абдикаримов пневмонияга чалинди. Коронавирус инфекциясига хос бўлган белгилар унинг ўринбосари Нурбўлўт Усенбаевда ҳам кузатилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон маҳаллий нашрлари вазирликдаги манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишди.

С. Абдикаримов ва Н. Усенбаев шу кунларда вазирлик биносига келаётганлари йўқ. Вазирнинг бошқа бир ўринбосари Мадамин Қаратаевда, манбаларга кўра, нафас сиқилиши пайдо бўлган.

Аввалроқ коронавирус инфекцияси парламент ходимлари ва бир неча депутатда аниқланган. Икки томонлама пневмониядан парламентнинг собиқ спикери Чинибай Турсунбеков вафот этган. 29 июнь куни Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев икки томонлама пневмония ташхиси билан МХДҚ тергов ҳибсхонасидан касалхонага кўчирилган. Бироқ 9 июль куни у яна ҳибсхонага қайтарилган, собиқ президентнинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.

Қирғизистонда сўнгги кеча-кундузда коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар орасида 13 та, пневмонияга чалинганлар орасида эса 44 та ўлим ҳолати қайд этилган. Мамлакатда COVID-19 инфекциясига чалинганлар сони 8486 нафарга етган. 8 июль куни Қирғизистонда коронавирус билан пневмония статистикаси бирлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқаган эди.