Қўшма Штатлар Ироқда АҚШ томонидан Эрон генералининг ўлдирилиши ноқонуний бўлгани тўғрисида хулоса берган БМТ экспертини “террорчиларга йўл очиб берганлик”да айблади.
БМТнинг махсус ҳисоботчиси Агнес Калламар ўз хулосасини 9 июлда Женевада ўтган Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида эълон қилди.
Хулосада қайд этилишича, Вашингтон ўлдирилган Эрон генерали Қосим Сулаймоний Ироқдан туриб АҚШ хавфсизлигига таҳдид солгани тўғрисида бирорта далил-исботни тақдим эта олмаган.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Морган Ортагус Вашингтоннинг хулосага муносабатини эълон қилар экан: “АҚШни ўзини мудофаа қилиш мақсадида амалга оширган ҳаракатини қоралаш ва жаҳондаги энг қонхўр террорчилардан бири бўлган генерал Сулаймонийнинг қора ўтмишини оқлаш интеллектуал ноҳалолликдир”, -деб баёнот берди.
Ҳисоботни “зерикарли ва узундан-узоқ” деб таърифлаган Ортагус, АҚШ 2018 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашини тарк этгани тўғри қарор бўлганини билдирди.
Июнь ойининг охирларида Теҳрон 2020 йил бошида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампни ҳибсга олишга ордер бергани хабар қилинган эди.
Эрондаги Ислом инқилоби посбонлари корпуси “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний жорий йил 3 январида Бағдод шаҳрида АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди. Теҳрон бунга АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета отиш билан жавоб берган. Ўшанда америкалик ўнлаб ҳарбий яраланганди.