Жорий йилнинг 8-9 июль кунлари қозоқ-ўзбек чегарасидаги “Жибек жўли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар ўзбекистонлик юртига ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.
ТИВ Оператив штаби маълумотларига кўра, 1 июлдан 7 июлгача мазкур НЎП орқали 2700 нафардан зиёд ватандош Ўзбекистонга қайтган. Бироқ юзага келган техник муаммолар туфайли қозоқ-ўзбек чегарасидан ўзбекистонликларни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилган. Бу ҳолат чегарада 3000 га яқин ўзбекистонлик тўпланиб қолишига сабаб бўлган.
“Республика махсус комиссияси, ДХХ Чегара қўшинлари ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналарининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 8 июль куни фуқароларимизнинг Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан эркин ўтишига тўсқинлик қилувчи барча техник ва ташкилий масалалар тезкорлик билан ҳал қилинди”, дейилади вазирлик хабарномасида.
Ўзбек дипломатларига кўра, ҳозирги пайтда давлатлараро чегарани кесиб ўтишда муаммо йўқ, назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек ишламоқда, одамлар тўпланиб қолиши кузатилмаяпти.
Вазирлик хориждан қайтган ўзбекистонликлар 14 кунлик карантинга жойлаштирилишини эслатган.
Ўзбек-қозоқ чегарасидан 8 июль куни 2000 нафар ўзбекистонлик ўтказиб юборилгани ҳақида аввалроқ Озодлик хабар қилган. Сариоғоч тумани ҳокими Мухит Ўтаршиев 9 июль куни Озодликнинг қозоқ хизматига Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси чегара яқинидаги автовокзалда турган ўзбекистонликларнинг барчасини кечгача ватанига қайтаришга ваъда берганини маълум қилган эди.