Қашқадарё вилояти Ғузор туманида барпо этилаётган ва синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Uzbekistan GTL” заводи қурилишида ишлаётган қурувчилардан 127 нафарининг COVID-19 инфекциясига чалинган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилган.
Аввалроқ уларнинг коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли карантинга олингани билдирилганди.
Бошқарма қайдича, айни пайтда завод қурилиши ҳудудида инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда қатор завод ва йирик корхоналар фаолияти тўхтатилган эмас.
Бир ой муқаддам Ўзбекистондаги заводлардан бирида ишлаётган ходимлар Озодликка карантин чоғида уйга бормасдан, корхона омборхонасида ётиб ишлашга мажбур қилинаётганларини айтишганди.
“Шанба ва якшанба кунларини ҳам қўшиб икки юз одам 15 кун подряд ишлаймиз. Эрталаб 8 дан кечки 8 гача ишлаймиз. Баъзида кунига 12 соатдан ҳам ошади. Меҳнат кодексига кўра, иш ҳафтаси 40 соатдан ошмаслиги керак. Ётиб қолишимиз смена деб қаралса¸ кейинги куни иш куни бошлангунга қадар 12 соат дам берилиши керак. Лекин, ундай бўлмаяпти”, деганди жумладан Андижондаги "UZ DONG YANG CO" корхонаси ишчиси.