Қозоғистоннинг Олмаота вилояти ҳокимининг ўринбосари Серикжан Бескемпиров икки томонлама пневмониядан вафот этди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот котиби Ғалимурат Жукел маълум қилди.
Аввалроқ Олмаота вилоятининг бош санитар врачи Қайрат Баймухамбетов 10 июль куни пневмониядан ўлгани очиқланган.
Ўтган ой коронавирусга чалингани тасдиқланган вилоят ҳокими Амандиқ Баталов, ҳокимликдан маълум қилишларича, “нафас сиқилиши ва юрак қон-томир етишмовчилиги” туфайли пойтахтдаги кардиология марказига кўчирилган.
Коронавирус эпидемияси билан бир қаторда Қозоғистонда пневмонияга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайгани кузатилмоқда. Пневмония яқиндан бери мамлакатда “коронавирус инфекциясининг эҳтимолий кўриниши” ўлароқ таснифланмоқда, айни пайтда расмийлар COVID-19 инфекциясига чалинганлар статистикасига фақат хасталиги ПЦР-тест билан тасдиқланган беморларнигина киритмоқдалар.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистон касалхоналарида пневмонияга чалинган 40 мингга яқин бемор даволанмоқда, улардан 10 минг нафарида коронавирус инфекцияси борлиги лаборатория таҳлили билан тасдиқланган.
Вазирлик 9 июль куни ўтган ҳафтада (29 июндан 5 июлгача) Қозоғистонда пневмониядан 415 киши ўлганини маълум қилди. 3 июль куни Қозоғистон бош санитар врачи Есмагамбетова жорий йилнинг илк ярмида мамлакатда пневмониядан 1 772 киши вафот этгани, улардан 628 нафари июнь ойида қазо қилганини билдирган.