Озарбайжон билан Арманистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди

Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг 2019 йил 20 июнида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувидан лавҳа (архив сурати).

Озарбайжон-Арманистон чегарасида 12 июль куни қуролли тўқнашув рўй берган. Ҳодиса учун масъулиятни Боку билан Ереван бир-бирига юклади.

Бокудан маълум қилишларича, ҳодиса чоғида озарбайжонлик ҳарбийлардан икки нафари нобуд бўлган, беш нафари яраланган. Ереван эса Арманистон томонидан талафот йўқлигини билдирган.

Тўқнашув Озарбайжон-Арманистон чегарасининг Товуз (Арманистон томонидан Тавуш вилояти ҳудуди) тумани ҳудудида содир бўлган.

Озарбайжон ва Арманистон армиялари ўртасида сўнгги йирик қуролли тўқнашув 2016 йил апрелида Тоғли Қорабоғда рўй берганди. Ўшанда ҳар икки тарафдан ўнлаб ҳарбий ҳалок бўлган ёки яраланган. Арманистон билан Озарбайжон 1992 йилдан бери уруш ҳолатида яшаб келмоқда.