Тожикистон қамоқхоналарида 11 нафар маҳкум пневмониядан вафот этди

Тожикистондаги жазони ўташ муассасаларида пандемия бошидан бери 98 нафар маҳкум пневмонияга чалинган, улардан 11 нафари вафот этган. Бу ҳақда 13 июль куни Тожикистон адлия вазири Музаффар Ашуриён Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Ашуриён ўзи раҳбар бўлган вазирликка бўйсунувчи жазони ўташ муассасаларида коронавирус инфекцияси мавжудлигини яна бир бор рад этган. Бироқ айрим маҳкумларнинг яқинлари аввалроқ мамлакат қамоқхоналари ва тергов ҳибсхоналарида коронавирус йўқлигига оид расмий баёнотни шубҳа остига олганди. Хусусан, Душанбедаги 1-сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 47 ёшли маҳкум Абдулфайз Ражабовнинг яқинлари унинг COVID-19 туфайли вафот этганини иддао қилмоқдалар. Колония раҳбарияти маҳкумнинг пневмониядан ўлганини билдирган.

Пандемия шароитида Тожикистон қамоқхоналаридаги вазият ҳақида Адлия вазирлигига қарашли Жазони ўташ бош бошқармаси раҳбарияти билан маҳкумларнинг яқинларидан бир-бирига зид бўлган маълумотлар келмоқда. Тикансим ортида аслида нима бўлаётгани эса маълум эмас.