Ўзбек киносининг “шум бола”си оламдан ўтди

Абдураим Абдуваҳобов Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри эди.

Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов 56 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Миллий театрнинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълумот тарқатилди.

Бугун Миллий театр жамоаси оғир жудоликка учради. Юксак қалб эгаси, ноёб истеъдод соҳиби, олийжаноб инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов оламдан ўтди. Театр жамоаси Абдураим Абдуваҳобовнинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади”, дейилади хабарномада.

Абдураим Абдуваҳобов 1963 йил 8 август куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомчилик институтининг (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъати институти) тамомлаган.

А. Абдуваҳобов кўплаб спектакль ва фильмларда бош ва иккинчи даражали ролларни маҳорат билан ижро этган. Ўзбек томошабини уни айниқса "Шум бола” ҳамда “Суюнчи” фильмлари орқали яхши танир эди.

Озодлик марҳум актёрнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.