Қирғизистонда ўтган кеча-кундузда пневмония туфайли 45 киши вафот этди, улардан 22 нафари Бишкекка, 23 нафари эса республиканинг бошқа жойларига тўғри келади. Маълумотларга кўра, март ойидан буён мамлакатда пневмония важидан 497 бемор оламдан ўтган.
Сўнгги кунларда авж олган пневмония коронавирус иллатининг бир кўриниши ўлароқ талқин этила бошлаган бўлса-да, бу хасталик билан COVID-19 статистикаси Қирғизистонда алоҳида-алоҳида олиб борилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда сўнгги суткада коронавирус инфекцияси юқтириб олиниши ортидан 2 та ўлим ҳолати қайд этилган. Шу тариқа Қирғизистонда COVID-19 га чалиниш ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 149 нафарга етган.
Сўнгги хабарларга мувофиқ, Қирғизистонда коронавирусга чалинган беморларнинг умумий сони 11538 нафарга етган, улардан 3569 нафари соғайиб кетган.