Қашқадарё вилоят, Косон туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий касалхона, туғруқхона ва поликлиниканинг қарийб 150 нафар шифокор ва ҳамшираси муддати кўрсатилмаган мажбурий таътилга чиқарилди.
Озодлик суҳбатлашган ходимларнинг айтишларича, улардан иш ҳақи тўланмайдиган таътилига чиқиш ҳақида ариза ҳам олинмаган, улар таътилга оғзаки буйруқ билан чиқарилган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси юристи тиббиёт ходимларининг ўз ҳисобидан таътилга чиқиш ҳолатлари борлигини тан олар экан, бу ихтиёрий тарзда амалга оширилаётганини билдирди.
Косон туман марказий касалхонасида ишлайдиган, тазйиқ бўлишидан чўчиб исми сир қолишини сўраган врачлардан бирининг айтишича, бирлашма кадрлар бўлими бошлиғи Лайло Ярованинг оғзаки топшириғи билан пандемия даврида жуда кўп врачу ҳамширалар ишсиз қолган:
Касалхонада ҳам, поликлиникада ҳам эшикларнинг тагига касаллар тўпланиб қоляпти.
“Март ойида ўзи бир ойлик мажбурий таътилга чиқарилган эдик. 10 июлдан бошлаб ҳеч қандай буйруқсиз, ҳеч қандай ҳужжатсиз оғзаки равишда иш ҳақи сақланмаган ҳолда ўз ҳисобимиздан таътилга чиқариб юборди. Ҳамма ҳайрон. Нима, тиббиёт халққа керак бўлмай қолдими? Касалхонада ҳам, поликлиникада ҳам эшикларнинг тагига касаллар тўпланиб қоляпти. Эшикни тагига тўртта ходимни бир стол билан тираб қўйган, улар “кирманглар, кирманглар, духтур йўқ, илтимос” деб қайтариб юборишяпти. Давленияси бори ҳам, юраги оғриган ҳам, боласининг қўлини гипс қилганлар ҳам қайтиб кетаётганини бугун эрталаб поликлиникада ўз кўзим билан кўрдим. Уларнинг орасида менинг касалларим ҳам бор эди”.
Косон тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхонанинг ҳам 35 нафар врач, ҳамшира ва санитаркалари 15 июльдан ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарилганини, ҳамширалардан бири Озодликка айтди:
Сабабини сўрасак, молиявий қийинчилик, деди.
"Бош врачимиз Наргиза Бегимова кеча ҳаммани йиғиб, эртадан ишга чиқманглар, ўз ҳисобларингдан бепул отпуска деди. Сабабини сўрасак, молиявий қийинчилик, деди. Ахир давлат ойлигимизни белгилаб қўйганку, деб айтсак, мен билмайман, шунақа топшириқ бўлган, дейди. Хуллас, бугундан ишга чиқмадик. Ундан аввал эса яна 35 киши ана шундай мажбурий таътилга чиқарилган эди. Бугун эрталаб яна таваккал ишхонага борсак, навбатчи врач ҳаммаларинг кетинглар деб ҳайдади".
Ҳамширанинг айтишича, туғруқхонада саноқли врач ва ҳамширалар қолган:
"Бугун, 15 июль ҳолатига кўра, мени кўрганим. Родзалда иккита навбатчи врач, иккита медсестра ва иккита санитарка навбат билан ишлаяпти. Реанимацияда ҳам битта врач, медсестра ва санитарка. Агар операция бўлса, бир кун сақлаб, иккинчи кун уйига жавоб беряпти".
Марказий касалхонанинг исми сир қолишини сўраган яна бир шифокорининг айтишича, врачлар ўз ҳисобидан таътилга чиқарилганидан сўнг, касалхона ҳам касалларни қабул қилмаяпти:
Лекин ҳеч кимда Ковид-19 аниқланмади, касалхона яна ишини бошлаган эди.
"Бош врачимиз умуман қабул қилманглар, келганини Қаршига жўнатиб юборинглар, деяпти. Ваҳоланки, касалхона врачи Озода Худойназарова коронавирусдан ўлди, деб хулоса беришганидан сўнг, касалхона ўн кунлик карантинга олинган, биз ҳаммамиз ўн кун ичкарида қолиб кетган ва тест топширган эдик. Лекин ҳеч кимда Ковид-19 аниқланмади, касалхона яна ишини бошлаган эди. Бироқ, врачларни ўз ҳисобидан таътилга чиқариш яна давом этди".
Врачнинг айтишича, ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқарилганлар ҳеч қандай ариза ёзмаган ва ҳеч қандай буйруқни кўрмаган.
Косон тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи Лайло Ярова ходимларнинг мажбурий ўз ҳисобидан таътилга чиқарилаётганини инкор қилишга уринди:
“Билмадим, бошлиқ биладиларда энди. Мен ҳали ҳеч кимга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берганим йўқ. Менга ариза келиб тушмаган ҳали”.
Косон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олим Норбоев Озодлик қўнғироқларига жавоб бермай, ўчириб қўяверди.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси юристи Актам Зоирович Озодлик билан суҳбат бошида Косон тиббиёт бирлашмаси врач ва ҳамширалари ўз ҳисобидан таътилга чиқарилганини тасдиқлади:
"Иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилига чиқарилган".
Озодликнинг пандемия шароитида, тиббий персонал етишмай турган бир пайтда буни қандай изоҳлаш мумкин, деган саволига, юрист:
Ариза бўлмаса ҳеч ким мажбурлаб чиқара олмайди.
"Врачлар чиқарилган йўқ. Ихтиёрий, ким ариза берган бўлса. Комиссиянинг қарорига асосан чиқарилган. Ким ариза ёзмаса уни чиқариб бўлмайди. Ариза бўлмаса ҳеч ким мажбурлаб чиқара олмайди. Ариза бермасдан, давай чиқ деб айтилган бўлса, сизнинг гапингиз тўғри. Лекин унақа ҳолат йўқ. Агар шундай ҳолат бўлган бўлса, бизга мурожаат қилсин, бориб жойига тиклаб келамиз".