МБ шарҳи: Ўзбек сўми ўтган олти ой ичида 7,2 фоизга қадрсизланди

2020 йил бошидан бери Ўзбекистонда миллий валюта курси 7,2 фоизга, июнь ойида эса 0,4 фоизга қадрсизланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг “Ички валюта бозори бўйича қисқача шарҳ”ида айтилган.

МБ қайдича, жорий йилнинг I ярим йиллигида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг фундаментал факторлари ҳамда ташқи омиллар таъсирида шаклланган.

Ўзбекистон миллий валюта қадрининг кескин тушиб кетиши апрель ойида кузатилганди. Ўшанда Марказий банк буни экспортдан келадиган маблағларнинг, пул ўтказмаларининг камайгани, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлмиш Россия ва Қозоғистон миллий валюталарининг қадрсизлашгани ҳамда бошқа қатор омиллар билан изоҳлаган.

Апрель ойининг сўнгги уч ҳафтасида доллар курси ўртача 6,7 фоизга ошган. Шундан кейин курсда бироз барқарорлашув кузатилганди.