Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри “Қорасув” МФЙ, Тошкент йўли кўчаси, 4Р-2 автомобиль йўлининг Тўйтепа текстил фабрикасигача бўлган масофада жойлашган ҳар хил турдаги жами 37 туп манзарали дарахт (улар орасида 26 туп кўп йиллик чинор) ноқонуний кесилган. Бу ҳолат жорий йилнинг 6 июль куни Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан олиб борилган тезкор рейд давомида аниқланган.
Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, аниқланган ҳолат бўйича “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 37, 45-моддалари талаблари бузилган, йўл қўйилган ҳолат бўйича ўсимлик дунёсига 1 миллиард 102 миллион 400 минг 500 сўмлик зарар етказилган.
“Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан қонуний чора кўриш ҳамда етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига юборилди”, дейилади қўмита хабарномасида.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат президенти ўтган йил 30 октябрида имзолаган “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига биноан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябридан 2020 йил 31 декабригача мораторий жорий этилганди. Шунга қарамай, жойларда ноқонуний дарахт кесилиш ҳолатлари юз бериб турибди.