Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистоннинг атом электр станциясига ракета зарбаси бериш билан таҳдид қилди, дея хабар қилди 16 июль куни Озарбайжоннинг АЗЕРТАГ ахборот агентлиги. Бундай имконият борлигига Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг бошлиғи, полковник Вагиф Даргахли ишора қилган.
“Арманистон томони армиямиз тасарруфида бўлган янги ракета тизимлари юқори даражадаги аниқлик билан Мецамордаги АЭСни йўқ қилишга имкон бериши, бу Арманистон учун катта офат бўлиши мумкинлигини эсдан чиқармаслиги лозим”, дея иқтибос келтиради агентлик полковник сўзларидан.
АЭСга зарба бериш эҳтимоли ҳақида Даргахли Арманистон томонидан Мингечевир сув омбори тўғонига зарба берилиши эҳтимолига оид маълумотларни изоҳлаш асносида билдирган. Мазкур тўғонга зарба берилиши Озарбайжондаги катта ҳудуднинг сув остида қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Арманистондаги АЭС 1976 йилда фойдаланишга топширилган. Станцияда бутун мамлакат электр энергиясининг учдан бири ишлаб чиқарилади, бироқ 1 июлдан у таъмирлаш учун тўхтатилган ва бу таъмир ишлари 3 сентябргача давом этиши айтилган.
Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегарада қуролли тўқнашувлар 12 июлдан бери давом этмоқда. Боку маълумотларига кўра, жангларда озарбайжонлик 11 нафар ҳарбий, шу жумладан генерал-майор Пўлад Хашимов ҳалок бўлган. Арманистон ўз томонидан тўрт ҳарбий ҳалок бўлгани, ўн киши яралангани ҳақида билдирган.