Коронавирусдан уйида даволанаётган беморлар бепул дори-дармонлар билан таъминланади. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 16 июль куни ўтказилган йиғилишида қарор қабул қилинган, дея маълум қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Йиғилишда беморларга текинга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати ҳам тасдиқланган.
Қайд этилишича, бундан буён коронавирус касаллигидан уйида давланаётган беморларга “Гидроксихлорохин”, “Азитромицин”, “Парацетамол”, “Витамин С” каби дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқобларни белгиланган меъёрда етказиб бериш йўлга қўйилади.
Коронавирус инфекцияси бўйича тест натижалари мусбат натижа берган ҳамда касаллик енгил кечаётганлиги сабабли шифокорлар тавсиясига асосан уйида даволанаётган беморлар мазкур тиббий воситалар билан бепул таъминланади.