2020 йилнинг 1 январидан 15 июлигача Қозоғистонда пневмонияга чалиниш бўйича 234 187 та ҳолат қайд этилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 бараварга кўпдир. Мазкур статистика Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой томонидан 17 июль куни ўтказилган брифингда келтирилган.
Вазир мазкур рақам бактериал пневмония, табиати аниқ бўлган вирусли пневмония ҳамда қўзғатувчиси ноаниқ бўлган вирусли пневмонияни ўз ичига олишини қўшимча қилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳисобот даврида 3327 та ўлим ҳолати қайд этилган. Аввалроқ вазирлик биринчи ярим йилликда пневмониядан 1772 нафар бемор вафот этганини маълум қилган. Янги маълумотлардан келиб чиқилса, 1 июлдан 15 июлгача мамлакатда 1555 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 2020 йил биринчи ярмида Қозоғистонда пневмонияга чалиниш билан боғлиқ 98 546 та ҳолат қайд этилганини маълум қилганди. Агар бу рақам рост бўлса, бугун эълон қилинган маълумотлар асосида июль ойининг илк 15 кунида мамлакатда 135,6 минг киши пневмонияга чалинганини иддао қилиш мумкин бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазири жума кунги брифингда коронавирус инфекцияси белгиларига эга бўлган, бироқ ПЗР-тести манфий чиққан пневмонияни COVID-19 статистикасига киритиш режаси ҳақида ҳам гапирган. Вазирга кўра, бунга оид қарор “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг минтақавий бюроси билан маслаҳатлашилганидан кейин” қабул қилинган.
Бу қарорни эълон қила туриб Алексей Цой Соғлиқни сақлаш вазирлиги “ҳисоб-китобга ёндашувнинг бу йўсинда ўзгариши хасталикка оид халқаро рейтингда Қозоғистон позициясининг ёмонлашишига олиб келиши”ни англашини билдирди. Бироқ бу каби ёндашув, вазирга кўра, “хасталик бўйича тўғри прогнозлар қилиш, зарур ресурсларни жўяли режалаштириш ҳамда статистика шаффофлигини таъминлаш имконини беради”.