15 июль куни Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман, Бўзтепа қишлоғида ери тортиб олинган аҳоли билан ИИБ ходимлари ўртасида жанжал чиқди.
Воқеа “инвесторлар” аҳолидан тортиб олинган ерни кўришга борган пайти содир бўлган.
ИИБ ходимлари ерни кўрсатишга қаршилик қилган бўзтепалик йигитларни ҳибсга олишга уринган пайти аҳоли бунга норозилик билдирган ва оқибатда жанжал келиб чиққан.
Деҳқонобод туман ИИБ дан олинган маълумотга кўра, жанжалда ҳеч ким жароҳатланмаган.
5 йилдан бери доривор каврак ўсимлиги етиштириб келган 100 дан ошиқ бўзтепалик оила ери тортиб олинганига норозилик билдириб, 16 июнь куни Қаршига ҳам борган эди.
15 июль кунги жанжал
Ўзбек-туркман чегарасидаги Бўзтепа қишлоғида чоршанба куни бўлган воқеа ҳақида Озодликка 17 июль куни хабар келди.
Воқеа жойида бўлган бўзтепаликка кўра, жанжал ери тортиб олинганлар билан ИИБ ходимлари ўртасида келиб чиққан:
“Биз ҳокимлик ва прокуратурага қилган шикоятларимиздан натижа бўлмагач, каврак даласи олдига пост ўрнатдик. Қўлимизда ҳужжатимиз бўла туриб, ерни сотиб олган чет элликларнинг далага ўтишига рухсат бермадик. 13 ва 14 июль кунлари улар келиб, далага ўта олишмади. 15 июль куни эса чет эллик фирма эгалари ИИБ ходимлари билан бирга келишди. Бундан хабар топган ери тортиб олинаётган барча дала бошига боришди. Қаршилик қилганимиз учун ходимлар йигитларимизни ИИБга олиб кетмоқчи бўлди. Шу пайт жанжал келиб чиқди”.
Озодликка воқеа жойидан йўлланган видеода ўндан зиёд одамнинг бир-бирини тортқилаётгани акс этган. Улар орасида ИИБ ходимлари ва ҳарбий формадагилар ҳам борлиги кўринади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Жанжалнинг нима билан тугагани видеода акс этмаган. Воқеа жойида бўлган бўзтепаликларга кўра, жанжалда ҳеч ким жароҳатланмаган:
“Биздан ҳеч ким жароҳат олмади. Милиция ходимларини ҳам урмадик. Фақат йигитларимизни олиб кетамиз деганига бақир-чақир бўлиб кетди. Йигитларимизни куч билан улар қўлидан тортиб олдик. Ҳеч кимни РОВДга (ИИБ) олиб кета олишмади. Бермадик ҳеч кимни”.
Озодликка келган видеолардан яна бирида таёқ ва ходалар билан қуролланган йигитлар кўринади ва бақир- чақирлар орасида “урма, урма, ўлиб қолади” деган овоз ҳам эшитилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Воқеага гувоҳ бўлган бўзтепалик йигитга кўра, бу тасвирлар ҳам 15 июль куни олинган бўлиб, жанжал ери тортиб олинганлар билан фирма эгалари орасида келиб чиққан. У жанжалда ҳам ҳеч ким жароҳатланмагани айтилди.
Деҳқонобод туман ИИБ нинг Озодлик боғланган ходими Бўзтепада 15 июль куни келиб чиққан можарода ҳеч ким жароҳатланмаганини тасдиқлади.
Озодликка воқеа жойидан йўлланган видеода 15 июль куни “инвесторлар”га йигирмадан зиёд ҳарбий ва ИИБ вакиллари ҳамроҳлик қилгани кўринади.
Тасвирларда “инвестор” ва иибчилар миниб келган машиналарнинг тўрттасида давлат рақами йўқлиги акс этган.
Қўлида шартномаси билан ерсиз қолган деҳқонлар
Қашқадарë вилоят, Деҳқонобод туманидаги Бўзтепа қишлоғи чўл ва адирликда жойлашган. Туркманистон билан чегара чизиғидаги бу қишлоқ аҳлининг Озодликка айтишича¸ иқлими ниҳоятда қаттиқ бўлган бу ҳудудда сув йўқлигидан¸ оддий деҳқончилик билан шуғулланишнинг иложи йўқ.
Асосан мол боқиш билан тирикчилик қилиб келган бўзтепаликлар 2015 йили туман Ўрмон хўжалиги бўлими билан 7 йиллик ижара шартномаси тузиб¸ адирликка доривор каврак ўсимлиги экишни йўлга қўйган. Каврак ширасини йиғиб¸ уни Афғонистон ва Ҳиндистонга экспорт қилувчиларга сотиш Бўзтепадаги 100 дан ошиқ оиланинг деярли ягона даромад манбаи бўлган.
Озодлик билан гаплашган бўзтепаликларга кўра¸ 2019 йил охири¸ 2020 йил бошларида Деҳқонобод туман ҳокими бу ерларни на уни қонуний ижарага олган деҳқонлар ва на бу ер қарашли бўлган Ўрмон хўжалиги бўлимига билдирмай туриб¸ “хорижий ва маҳаллий инвестор”ларга тортиб олиб берган.
Деҳқонобод туман Ўрмон хўжалиги бўлими мулозими¸ қонун ва ҳужжатлар норозилар томонида экани¸ аммо на ҳокимлик¸ на прокуратура буни инобатга олмай келаëтганини Озодликка 16 июнь куни тасдиқлаганди.
Мавзуга алоқадор Деҳқонободда каврак можароси катталашмоқда: Ери тортиб олинган 100 дан ошиқ оила вакиллари норозилик билан Қаршига келди (ВИДЕО)