Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов захирада 3 ойга етадиган дори-дармон бор, деб таъкидлади.
Ҳокимлик матбуот хизматининг хабар қилишича, Абдураҳмонов вилоятдаги соғлиқни сақлаш тизими вакиллари ва ташкилот раҳбарларини тўплаб, йиғилиш ўтказган ҳамда бу йиғилиш маҳаллий телевидение орқали аҳолига узатилган.
Йиғилишда ҳоким карантин пайтида энг зарур дори воситалари рўйхатига тушган дориларда узилиш бўлмайди, деб ваъда қилган.
"Вилоят ҳокими сифатида андижонликларга айтаман: "Андижонда бугун мана шу вирус билан боғлиқ 49 турдаги дори-дармонлар бўйича ҳеч қандай муаммо, етишмовчилик йўқ". "Ёнимда олиб юрган мана бу калит ўша 49 хил дори-дармонларнинг уч ойлик захирасига (омборига) тегишли. Одамларнинг, «Дори-дармон етишмай қоладимикин?», деган шов-шувлари ўринсиз", деган ҳоким жумладан.
Бундан ташқари, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳам аҳолига телемурожаат қилиб, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича бажарилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Расмий маълумотга кўра, ҳоким вилоят миқёсида 1180 беморни қабул қилиш имконияти бор ва ўринлар сони 3000 тага етказилади, деб ваъда қилган.
15 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Унда президент дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилган, етишмаётгани ва бу аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётгани ҳақида гапирган эди.
Президент барча вилоятларда дори-дармоннинг 3 ойлик захирасини яратишга кўрсатма берган эди:
"Тўртта сектор алоҳида ўз ҳудуди бўйича дори-дармоннинг захирасини, ҳар бир вилоят, ўзи ўзига яратади. Захира уч ойлик бўлиши керак. Бунга қанча маблағ керак бўлса берамиз, лекин биронта аптекада дори-дармон воситалари қимматлашса, одамларимизнинг норозилигига олиб келади. Мана шуни қаттиқ назоратга олишларинг керак".
Ўзбекистон дорихоналарида бир ҳафтадирки, коронавирусга қарши дорилар тақчиллиги кузатилаётгани тўғрисида хабарлар кела бошлади.
Озодлик боғланган дорихоналарда вирусга қарши асосий дорилар йўқлиги маълум бўлди. Мавжуд айрим дорилар эса, эпидемиягача бўлган нархдан 3-4 баробар қимматга сотилмоқда.
Мавзуга алоқадор Коронавирусга қарши дори тақчиллиги юзага келди, баъзи бор дорилар бир неча марта қимматлаб кетди