Пандемияни жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар жойларда тизимли йўлга қўйилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль тонгида ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.
Президент матбуот хизмати қайдича, Ш. Мирзиёев йиғилишда бирламчи тиббиёт бўғини, яъни оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига ёрдам бериш учун 24 соатлик иш режимига ўтказилмаганига эътибор қаратган.
Унга кўра, Тошкент шаҳридаги 11 та туман кўп тармоқли марказий ва 64 та оилавий поликиникада ҳар бирида 50 дан 200 нафаргача тиббиёт ходими мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти куннинг фақат биринчи ярмида беморларни қабул қилишади.
Ҳар бир поликлиникада COVID-19 инфекциясининг енгил ёки симптомсиз кечаётган беморларга консультатив ёрдам кўрсатиш учун шакллантирилган 3 та шифокордан иборат махсус мобил бригада бириктирилган бўлиши керак, аммо айрим бригадаларда умуман врач йўқ.
Деярли барча поликлиникаларда рентген-диагностика кабинетлари мавжуд, лекин уларнинг имкониятларидан умуман фойдаланилмаяпти.
“Агар ушбу поликлиникалар аҳолини самарали патронаж хизматини амалга оширса, табиийки, 103 рақамли тез тиббий ёрдамга босим қисқаради ва аҳоли орасида саросима юзага келишининг олди олинади”, деган президент.
Мирзиёев бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига пойтахтдаги 75 та поликлиниканинг имкониятларини, ушбу муассасаларда фаолият олиб бораётган 3 мингдан зиёд врач ва ҳамширани инфекциянинг енгил ва симптомсиз кечаётган беморларга хизмат кўрсатишга 24 соатлик узлуксиз режимда тўлиқ сафарбар қилиш топшириғини берган.
Президент бугундан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилишини урғулаган.