“Тез ёрдам” врачларига қўшимча 2,5 миллион сўмдан тўланади

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг 20 июль куни "тез ёрдам" ходимларини рағбатлантиришга оид қарор қабул қилди.

“Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, “Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан 2020 йил 20 июлдан:

коронавирус эпидемияси даврида нормативга қўшимча равишда кечаю-кундуз навбатчилик қиладиган 1 нафар тиббиёт ходими ва 1 нафар ҳайдовчидан иборат ихчамлаштирилган мобил тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади;

кучайтирилган тартиб даврида ҳар ой якунига қадар барча тез тиббий ёрдам бригадаларида ишловчи ходимларнинг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига қуйидаги миқдорларда қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари белгиланади:

  • врач ходимларга – 2,5 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига – 1,5 миллион сўм;

ҳайдовчиларга – 1,0 миллион сўм.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги эпидемиологик вазият, шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматига кунлик чақириқлар сонидан келиб чиқиб ихчамлаштирилган мобил тез ёрдам бригадаларининг вақтинчалик нормативлари тасдиқланади.