Навальний Коррупцияга қарши кураш фондининг ёпилиши ҳақида эълон қилди

Алексей Навальний.

Россиялик мухолифатчи ва Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний ўз фонди тугатилиши ҳақида эълон қилди.

“Диққат, бу ўқув тревогаси эмас. Биз Коррупцияга қарши кураш фондини ёпмоқдамиз. Бу вазиятда мен тўққиз йил аввал асос солган “Коррупцияга қарши кураш фонди” нотижорат ташкилоти тугади, деб айтишга мажбурмиз, чунки уни биздан олиб қўйишди”, деб ёзди у.

Ўз қарорини Навальний тадбиркор Евгений Пригожинга алоқадор кўрилган “Московский школьник” ширкатининг даъво аризаси билан боғлайди. Мазкур ширкат 2019 йил охирида Коррупцияга қарши кураш фонди, Алексей Навальний ва Любовь Соболдан судда 88 миллион рубль (1,2 миллион доллар) ундирган. Суд компания ҳақидаги фош қилувчи ролик туфайли унинг “Социальное питание “Центр” ширкати билан шартномаси бекор қилинган, деб топган.

“Сумма жуда катта ва мен ҳатто уни йиғишга уриниб ҳам кўрмоқчи эмасман, Путин ҳокимияти поёнига етгунича ёпилган ҳисоб варақлари ва приставлар билан бирга яшашга тўғри келади, шекилли”, деган Навальний.

Мухолифатчига кўра, Коррупцияга қарши кураш фондида шундоқ ҳам ҳеч нарса йўқ, ҳамма нарсани аввалги тинтувларда мусодара қилиб бўлишган. Навальний фонд офис ҳам, Адлия вазирлигидан олинган қоғоз ҳам эмаслигини, у коррупцияга қарши кураш учун келаётган ва фонд ишини дастаклаётган одамлар эканини қайд этди. У эндиликда бу одамлар бошқа юридик шахсга ўтишини қўшимча қилди.

Коррупцияга қарши кураш фонди Алексей Навальний томонидан 2011 йили тузилган ва нотижорат ташкилоти бўлиб ҳисобланади. Фонд сиёсатчининг барча лойиҳаларини бирлаштириб, россиялик амалдорлар ва давлат ширкатлари раҳбарлари билан боғлиқ коррупция ҳолатларини текшириш билан шуғулланади. Расмийлар “давлат ҳокимиятига таъсир ўтказишга уринганлик” важидан ҳамда хориждан молиялаштирилгани туфайли фондни “хорижий агентлар” реестрига киритганлар. Коррупцияга қарши кураш фонди бу қарорлар юзасидан судга мурожаат қилган ва мазкур таъқибларни сиёсий, деб ҳисоблайди.