Ўзбекистонда ер хатлови охирги марта 40 йил олдин ўтказилган. Масалан, 140 та туман маъмурий чегаралари ҳозиргача аниқ эмас. Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Буларнинг оқибатида соҳада талон-торожлик ва коррупция авж олган. 66 та туманда 150 минг гектар экин ери ўзбошимчалик билан эгаллангани, охирги икки йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгар бўлгани бунинг далили. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 июль куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда билдирган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев кадастр идораларининг энг асосий вазифаси ернинг ҳисоби ва балансини юритиш бўлиши кераклигини қайд этган. Йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилган. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади.
Йиғилишда баъзи турдаги кадастрлар тўлиқ шаклланмагани ҳам урғуланган. Масалан, автомобиль йўллари кадастри 23 фоиз, маданий мерос объектлари 32 фоиз, қувурлар 32 фоиз, шаҳарсозлик кадастри 63 фоиз шаклланган, холос. Шу боис IT-технологияларни ривожлантириш бўйича Бош вазир маслаҳатчисига ишчи гуруҳ тузиб, кадастрлар базасини тўлиқ ишлаб чиқиш топширилган.
Президент Мирзиёев соҳанинг кадрлар салоҳияти пастлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси тизимидаги 27 фоиз ходимлар мутахассислиги соҳага тўғри келмаслигини қайд этган. Шу йўналишда хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил қилиш муҳимлиги, Италиянинг Пиза университети ҳамда Москва давлат геодезия ва картография университети билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги таъкидланган.