Коронавирус кирмаган Туркманистонда августгача жамоат жойлари ёпилмоқда

Туркманистонлик ниқоб таққан йўловчилар, Ашхобод, 2020 йил 15 июли.

Туркманистонда 21 июлдан 1 августгача йирик савдо марказлари, бозорлар, театрлар, боғлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда спорт объектларининг фаолияти тўхтатилади. Ресторан, ошхона ва бошқа умумий овқатланиш нуқталарига ўзлари пиширган егуликларни уйга етказиб беришгагина рухсат берилган. Одамлар кўп йиғиладиган жойларда эндиликда икки метрлик масофа сақланиши лозим. Айни пайтда Туркманистон расмийлари мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаганини иддао қилишда давом этмоқда, дея хабар қилади Озодликнинг туркман хизмати.

Расмий маълумотларга кўра, қатор янги чекловлар мамлакатда юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида киритилмоқда. Бир неча кун муқаддам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Туркманистон расмийларини мамлакатда худди коронавирус бордек жамоат хавфсизлиги чораларини кўришга чақирганди.

14 июлдан республикада темир йўл ташувлари тўхтатилган, бир кун аввал эса соғлиқни сақлаш тизими масъуллари аҳолини кўчада ниқоб тақиб юришга чақирган.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, пойтахт Ашхобод ва вилоятлардаги касалхоналар ходимлари орасида хасталанганлар сони ортиб бормоқда, тиббиёт муассасалари беморлар билан тўлиб кетган. Таҳририят мухбирлари мамлакатнинг қарийб барча минтақаларида пневмониядан вафот этиш ҳолатлари кескин кўпайганини қайд этмоқдалар. Журналистларга кўра, беморлардан COVID-19 га тест олиняпти ва кўпинча уларнинг коронавирусга чалингани тасдиқланяпти. Шуларга қарамай, расмийлар нима учун мамлакатда инфекция йўқлигини таъкидлаётгани маълум эмас.

Туркманистон ва Шимолий Корея, афтидан, БМТга аъзо давлатлар орасида ҳудудида битта ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган сўнгги икки мамлакат бўлиб қолмоқда.

АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 14 миллион 900 мингдан зиёд кишининг коронавирус юқтириб олгани, 615 мингдан ортиқ бемор вафот этгани тасдиқланган. Бироқ тадқиқотчилар ўз ҳисоб-китобларида миллий статистика муассасалари маълумотларига таянмоқдалар, бу маълумотлар эса тўлиқ ёки аниқ эмас ва ёхуд ҳақиқатни тўла акс эттирмаётган бўлиши мумкин.