Азимжон Асқаров тиббий кўрик учун 47-колонияга етказилди

Азимжон Асқаров.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров “тез ёрдам” машинасида Бишкекдаги 47-колонияга етказилди. Бу ҳақда Жазони ўташ давлат хизмати маълумотига таянган ҳолда “Бир дуйно – Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Тўлеқан Исмаилова билдирди.

У 47-колонияда маҳкумларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш учун шарт-шароит яратилганини қайд этди. Асқаровнинг мазкур колонияда қолиш-қолмаслигига оид қарор тиббий кўрик натижалари чиққанидан кейин қабул қилинади.

Аввалроқ 19-колонияда бўлган Азимжон Асқаров хасталангани ва касалларни текшириш учун замонавий жиҳоз йўқлиги ва зарур дори-дармонлар етишмаётгани туфайли керакли муолажани ололмаётгани ҳақида хабар қилинганди. Колонияда коронавирус инфекцияси бор-йўқлиги ўрганилган эмас.

Аввалроқ “Фарғона” ахборот агентлиги асосчиси ва раҳбари Даниил Кислов Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида Асқаров оғир касал экани ва ҳеч қанақа тиббий ёрдам олмаётгани ҳақида ёзганди. У ҳуқуқ фаолларини Жазони ўташ давлат хизмати раҳбариятидан А.Асқаровга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилишга чақирган ҳамда Қирғизистон президенти ва ҳукуматига уни зудлик билан озод қилиш талаби билан мурожаат қилганди.

Жазони ўташ давлат хизмати матбуот котиби бу маълумотни рад этган. Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида у Асқаровнинг соғлиғи жойида эканини билдирган.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган. 2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров қамоқхонада қийноққа дучор этилгани, тиббий кўмак ва адолатли суд билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини қайд этган. Қирғизистон томони бу иддаони рад этган.