Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қурбон ҳайити намозини мусулмонлар зиммасидан соқит қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2020 йилги пандемия шароитида Қурбон ҳайити – Ийдул адҳа намозини ўқиш мамлакат мусулмонлари зиммасидан соқит бўлишини маълум қилади.

25 июль куни эълон қилинган фатвода Қурбон ҳайити куни мўмин-мусулмонларга ўз хонадонларида қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин тўрт ракатли нафл намозини ўқиш тавсия этилади.

"Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз", дейилган Ўзбекистон мусалмонлари идораси фатвосида.

Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июлга тўғри келмоқда.

Президент қарорида ҳам Қурбон ҳайити 31 июль куни карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда нишонланиши билдирилган

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 24 майда нишонланди. Ўшанда ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳайит намозини уйда ўқишни тавсия қилганди.