Беларусда ҳибсга олинган президентликка номзодлар ўрнини уларнинг рафиқалари эгаллади

Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская, 25 июль, 2020

25 июль куни Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская илк маротаба уни қўлловчилар олдида сўзлади.

Орша шаҳрида бўлиб ўтган раллида Тихановская сафига собиқ номзод Валерий Цепкалонинг рафиқаси Вероника Цепкало ҳамда ҳибсга олинган собиқ номзод Виктор Бабариконинг вакили Мария Колесниковалар қўшилди.

Аёллар ўзларини «жангчи қиз ўртоқлар» деб номлашди.

Озодликнинг Беларус хизматига кўра, раллида 3000 га яқин одам қатнашган.

Тихановская уларнинг мақсади бир – адолатли сайловлар ўтказилишига эришиш эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, унда президентликка номзод бўлиш режаси бўлмаган, аммо блогер турмуш ўртоғи Сергей Тихановский қўлга олинганидан кейин, ўз номзодлигини кўрсатишга қарор қилган.

Тихановский президентликка номзод бўлиш истагини изҳор қилган, аммо Беларусь расмийлари томонидан қамоққа олинган бир неча шахснинг биридир.

Тихановская расмийлар уларнинг турмуш ўртоқларидан қўрқишини, аммо аёллари уларнинг ўрнини эгаллашини кутишмаганини айтди.

«Бу масъулият энди бизнинг елкамизда», деди у.