Сардоба тошқинидан зарар кўрганлар президент ваъда қилган пулни 3 ойдан бери ололмаётганидан шикоят қилди

Гулшода Бекбўтаеванинг уйи бузилаётган пайт олинган сурат.

Гулшода Бекбўтаеванинг уйи бузилаётган пайт олинган сурат.

Сирдарё вилоят, Сардоба туман, Дўстлик маҳалласида яшовчи элликка яқин киши тошқиндан зарар кўрганларга ажратилган пулларни тўла олмаганидан шикоят қилиб, турли идораларга мурожаат қиляпти.

Шикоятчилар уйлари тошқиндан жиддий зарар кўргани сабаб бузиб ташланган. Уй эгалари эвакуация қилинганларга ажратилган биноларда яшаяпти.

Шикоятчиларнинг тўхтовсиз талабларидан сўнг, уларнинг айримларига президент ваъда қилган 40 миллион сўмнинг фақат ярми берилган.

Ҳокимлик мулозимлари шикоятчилар кўп қаватли уйларда яшагани сабаб уларга президент ваъда қилган пулнинг фақат ярми берилиши кўзда тутилганини таъкидлашди.

"Беш ака-укадан фақат учтамизга пул берилди"

Ҳозирда эвакуация қилинганларга мўлжалланган болалар боғчасида яшаётган Орзу Аҳмедовага кўра, ўзининг ва яна тўрт ака-укасининг уйлари тошқиндан сўнг бузилган. Бироқ унга президент ваъда қилган 40 миллион сўм берилмаганидан шикоят қилди:

- Биз беш ака-ука яшайдиган домлар ҳам бузилди. Президент ваъда қилган 40 миллион сўм фақат битта укамга берилди. Кейин биз тўполон қилаверганимиздан сўнг яна биттамизга 20 миллион сўм беришди. Ҳозир уч ака-ука бир сўм пул олганимиз йўқ. Шикоят қилиб, туман ҳокимиятига бордик, вилоят ҳокимиятига бордик. Ҳаммаси “биз ҳал қилмаймиз” деяпти. Бизга кўп қаватли уйда яшаганимизни баҳона қилишяпти. Лекин маҳалламизда президент пуллари таниш-билиш қилинди. Уйи йўқлар ҳам президент пулини олишди. Биз домда яшаганимиз билан 25 метрлик молхона, баня, қўйхона, отхоналаримиз бор эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Орзу Аҳмедова билан суҳбат

"Опам иккаламиз президент ваъда қилган пулнинг ярмини олдик"

Дўстлик маҳалласида яшовчи Ренат Гилванов ва унинг опасининг уйи ҳам тошқиндан сўнг бузилган. Ҳозирда улар ижарада яшамоқда. Ренат Гилвановнинг Озодликка айтишича, унга ва опасига президент ваъда қилган пулнинг ярми берилган:

- Биз ҳам жабр кўрдик. Ҳовлимиз бор эди. Молхоналаримиз бор эди. Товуқлар бор эди. Жўжалар бор эди. Ҳаммасини ювиб кетди. Уч метрча сув келди. Бошида 40 миллион сўм сертификат бизга ҳам чиққанини айтишди. Лекин кейин 20 миллион сўм беришди. Менга ҳам, опамга ҳам фақат президент ваъда қилган пулнинг ярмини беришди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ренат Гилванов билан суҳбат

"70 миллион сўмлик зарар кўрдик, фақат 20 миллион беришди"

Уйи бузилганлар рўйхатида бўлган Гулшода Бекпўлатованинг ҳисоб-китобича, у тошқин сабаб 70 миллион сўмлик зарар кўрган, бироқ ҳукумат унинг оиласига фақат 20 миллион сўмгина берган.

- Биз битта уйда 10 киши яшаймиз. Яқинда ўзим яна фарзандлик бўлдим. Шунинг учун уйи бузилганлар яшаётган боғчадан ижарага чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Уйимизга талафот етган. Пастда уй -жойларимиз бор эди. Ҳаммаси сув тагида қолди. Булар яширинча мажлис қилиб, 20 миллион сўм беришди. Дардимизни ҳеч ким эшитмаяпти.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Гулшода Бекпўлатова билан суҳбат

Шикоятчи сардобаликлар ҳисоб-китобича, тошқиндан зарар кўрганларга президент ваъда қилган 40 миллион сўм берилмаганлар биргина Дўстлик маҳалласида элликка яқин.

Дўстлик маҳалласида яшовчилардан Озодликка йўлланган видеода ўнлаб киши ҳокимлик вакилидан президент ваъда қилган 40 миллион сўмни талаб қилаётгани акс этган:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Дўстлик маҳалласи аҳли президент ваъда қилган пулни талаб қиляпти

Мулозим: Улар талаби ноқонуний

Сардоба туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими Дўстлик маҳалласидаги шикоятчилар муаммосидан хабардорлигини айтди.

“Биринчидан, уларга бузилган уйлари ўрнига қурилаётган 5 қаватли уйдан квартира берамиз. Иккинчидан, биз ҳам уларга ўзимизча пул бера олмаймизда. Улар кўп қаватли уйларнинг тепа қаватларида яшаган. Тартиб бўйича уларга фақат 20 миллион сўмдан ажратилди. Кейин улар биринчи қаватда ҳовлим, молхонам бор эди, деяпти. Лекин бирортасининг қўлида ўша бинолар учун кадастр ҳужжати йўқ. Шу боис ноқонуний қурилган ҳисобланади. Бунақа уй-жой эгаларига президент ажратган пуллар берилмайди”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Расмий маълумотга кўра, Сардоба тошқинида жабрланган Сирдарё вилоятидаги жами 4 025 оилага президент кўрсатмасига асосан 40 миллион сўмдан моддий ёрдам берилиши керак эди. Бундан ташқари яна 1 818 та фуқарога ҳам шу миқдорда моддий ёрдам берилиши айтилган.

Ҳуқуқ фаоли: Жабр кўрган халқ ҳақ!

Сардобадаги тошқиндан зарар кўрган аҳоли муаммоларини ўрганаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилоят бўлими раиси Исроил Ризаев йиллар давомида тийинлаб йиғиб, уй-жой қилган аҳоли товон талаб қилишга ҳақли деб ҳисоблайди:

- Битта оилада бир нечта хўжалик бўлса, шулардан фақат биттасига 40 миллион сўм беряпти. Бошқалари қолиб кетяпти. Шундан кўп низо келиб чиқяпти. Энди пандемия ва Сардобадаги тошқинлар сабаб республика бюджети ҳам молиявий инқирозга келиб қолди. Бошида аҳолининг руҳини кўтариш мақсадида уй-жойлар билан, тўлиқ уй жиҳозлари билан таъминлашга, 40 миллион сўмлик сертификат беришга, сув ювиб кетган эски ҳовлилар ўрни ўзларига қолади деб, ваъда қилинди. Лекин орадан 3 ой ўтиб, афсуски бу нарсалар амалда бажарилмади. Бу борада бизнинг ташкилотга ҳам кўплаб мурожаатлар бўлди. Ҳокимлик қонунларни рўкач қилсаям, жабр кўрган халқ ҳақ. Чунки улар 70 йиллаб уйини тиклади. Аммо кимларнингдир хатоси сабаб бир кечада бошпанасиз қолишди. Улар товон талаб қилишга ҳақли.